Бангладешнинг Ўзбекистондаги элчихонаси имконияти чегараланган болалар учун байрам уюштирди

Дата: 16:49, 22-03-2017.

Тошкент. 22 март. ЎзТАГ – SOS уюшмасидан бўлган “Мурувват” махсус интернати тарбияланувчилари Бангладешнинг Ўзбекистондаги элчихонаси имконияти чегараланган болалар учун уюштирган байрам меҳмонлари бўлдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир Бангладеш давлатининг асосчиси Бангабандх Шейх Мужибур Раҳмоний таваллудининг 97 йиллиги ва Миллий болалар кунига бағишланди.

Шунингдек, бу ерда элчихона томонидан уюштирилган болалар мусиқа танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Мирзо Улуғбек номидаги Халқаро мактаб ва Тошкент Халқаро мактаби болалари иштирок этлилар.

Тадбир байрам қилинаётган саналарга бағишланган фильм намойишидан бошланди. Унинг аҳамияти ҳақида дипломатик вакиллик меҳмонларига Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Мосуд Маннан гапириб берди.

Шунингдек, у Бангладеш президенти ва бош вазирларининг табрикларини ўқиб берди.

Ғолиблар тақдирлангач, Мосуд Маннан барча болаларга совғалар топширди ва уларга муваффақиятлар тилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: