Биринчи экспорт кўргазмаси Ўзбекистоннинг 150 зиёд ишлаб чиқарувчиларини бир ерга тўплайди

Дата: 13:27, 22-11-2018.

Тошкент. 22 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг 150 зиёд ишлаб чиқарувчилари 27-30 ноябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган биринчи Made in Uzbekistan экспорт кўргазма-ярмаркасида иштирок этадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон ташқи савдо вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимияти ташаббуси билан ўтказилаётган кўргазма экспорт контрактлари тўпламларини шакллантириш, хорижий ҳамкорлар билан барқарор ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга йўналтирилган.

Кўргазмада 150 дан ортиқ маҳаллий корхоналар томонидан текстил, чарм-поябзал маҳсулотлари, гиламлар, мева-сабзавотлар, электротехника ва кабел маҳсулотлари, автомобил ва қишлоқ хўжалиги техникаси, металлургия, нефть-кимё ва бошқа турдаги тайёр маҳсулотлар намойиш этилади.

Тадбирларда Ўзбекистон саноат маҳсулотларининг Европа, Марказий Осиё, Россия, Украина, Афғонистон, БАА, Хитой, Корея Республикаси, АҚШ ва бошқа давлатлардаги мингдан зиёд хорижий истеъмолчилари, ташқи иқтисодий ҳамкорлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Шунингдек, тадбир доирасида саноат соҳаси тараққиёти ва иқтисодиёт тармоқларининг экспорт салоҳиятига оид қатор конференциялар бўлиб ўтади.

Сурат манбаи: http://darakchi.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: