Биринчи ярим йилликда ўзбекистонликлар Москва миграция патенти учун бошқалардан кўпроқ мурожаат қилганлар
Тошкент. 15 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон фуқаролари Москва ҳудудида меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи миграция патенти олиш учун энг кўп ариза бердилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Утро.ру маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқаролари “Кўпвазифали миграция маркази”га (КММ) рухсат берувчи хужжат сўраб 36,9% ҳолатларда, Тожикистон фуқаролари 31,8%, Молдова фуқаролари 14,4%, Украина фуқаролари 10,9%, Қирғизистон фуқаролари 3,5% ва Озарбайжон фуқаролари 2,5% ҳолатларда мурожаат қилганлар.
Москва иқтисодий сиёсат ва ривожланиш департаменти маълумотларига кўра, январ-июнда КММ хорижий фуқаролардан патент бўйича жами 300 мингдан зиёд аризалар қабул қилган. Бугунга келиб 269 минг патент берилган.
Ҳар бир патент олувчи шаҳар бюджетига ҳар ойда 4 минг рубл солиқ тўлаши зарур. Департамент маълумотларига кўра, биринчи ярим йилликда Москва бюджетига хорижий фуқаролардан 3,5 млрд рубл атрофида келиб тушган.