БМТ Ўзбекистоннинг МОда барқарор ривожланишга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб қувватлайди

Дата: 10:38, 22-11-2018.

Тошкент. 22 ноябр. ЎзТАГ – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарор ривожланишга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб қувватлайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг Женева шаҳридаги бўлинмаси бош директори Майкл Мёллерни қабул қилди.

“М. Мёллер Ташкилот Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишонч, яхши қўшничилик ва конструктив шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақада барқарор тараққиётга кўмаклашиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлашини таъкидлади”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Ўзаро алоқа ва ташрифлар сезиларли фаоллашгани мамлакатимизнинг Ташкилот тузилма ва институтлари билан конструктив мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишга қаратилган самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилгани қайд этилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНЕСКО, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ва БМТнинг бошқа муассасалари билан амалий ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор дастурий ҳужжатлар ва “йўл харита”лари қабул қилинган ва биргаликда амалга оширилмоқда, деб қайд этилади шундан кейин.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташаббуси билан 2018 йил июнда биринчи марта БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш масалалари бўйича махсус резолюцияси қабул қилингани ҳамда унинг халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватлангани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, мамлакатимизнинг БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида халқаро конвенцияси ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббусларини илгари суриш йўлида биргаликдаги ишлар давом эттирилмоқда.

Яна маълум қилинишича учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг икки томонлама ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Орол экологик фожиаси оқибатларини, жумладан, Оролбўйида ижтимоий-иқтисодий, гуманитар дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш орқали юмшатишда жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

“Ўзбекистоннинг БМТ шафелигида махсус Траст жамғармасини ташкил этиш бўйича ташаббусини рўёбга чиқариш бу борада катта амалий қадам бўлади. Жорий йил 27 ноябрь куни Ташкилотнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида ушбу тузилманинг юқори даражадаги биринчи тадбири бўлиб ўтади”, - дейилади хабарда.

Томонлар, шунингдек, минтақамиз ва унинг ташқарисида тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили бўлган Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этишга ҳар томонлама кўмаклашиш масалаларини кўриб чиқдилар.

М. Мёллер Ўзбекистонда янги босқичда амалга оширилаётган, аввало, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларга юксак баҳо берди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўз мазмун-моҳиятига кўра, БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Барқарор тараққиёт соҳасидаги мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг экани алоҳида таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, БМТнинг катта делегацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Осиё форумида иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлиб турибди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган анжуман 22 ноябрда Самарқандда бўлиб ўтади.

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: