Бутунжаҳон Шахмат олимпиадасининг уч туридан кейин Ўзбекистон термаси 62-ўринни эгаллаб турибди

Дата: 17:26, 05-09-2016.

Тошкент. 5 сентябр. ЎзТАГ – Бутунжаҳон Шахмат олимпиадасининг уч туридан кейин Ўзбекистон термаси 62-ўринни эгаллаб турибди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Учинчи турда Ўзбекистон термаси Чехияга қарши ўйнаб, 1:3 ҳисобида бой берди. Рустам Қосимжонов ва Жахонгир Воҳидовлар Давид Навар ва Виктор Лазникка ютқазишди. Антон Филиппов ва Марат Жумаевлар дуранг ўйнадилар.

Олимпиаданинг биринчи ва иккинчи турида ўзбек шахматчилари Бруней ва  Доминиканани енгдилар.

Уч тур якунлари бўйича Россия, Озарбайжон ва Куба етакчилик қилмоқда.

Бугун Ўзбекистон термаси Аргентина жамоаси билан учрашади.

Эслатиб ўтамизки, ФИДЕнинг 42-шахмат олимпиадаси 1 сентябрда Боку шаҳрида (Озарбайжон) Миллий гимнастика аренасида очилди. Учрашувлар Baku Crystal Hallда бўлиб ўтмоқда. Олимпиадада 180 эркаклар ва 140 аёллар жамоалари қатнашмоқда.

Эркаклар ва аёллар жамоаларидаги турнирлар швейцар тизими бўйича 11 турда ўтказилади. Жамоалар 4 асосий ва 1 заҳира ўйинчисидан ташкил топган. Ғолиблар 13 сентябрда аниқланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: