Деярли 2 минг хорижлик янги йилни Самарқандда кутиб олди

Дата: 15:15, 07-01-2019.

Тошкент. 7 январ. ЎзТАГ – Деярли 2 минг хорижлик янги йилни Самарқандда кутиб олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Самарқандга сайёҳлар сонининг ошиши авиачипталарга жорий қилинган чегирмалар, янги йилда дам олиш кунларининг узайтирилгани билан боғлиқ. Бундан ташқари, Самарқандга Россия, Япония, Афғонистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан сайёҳлар ҳам келишган.

“Хусусан, 23-28 декабргача шаҳар меҳмонхоналарида 856 нафар сайёҳ тунаб қолган. 29 декабрдан 3 январгача эса меҳмонхоналарда 1606 нафар сайёҳ рўйхатдан ўтган. Улар орасида россиялик сайёҳлар 588 нафарни, Афғонистонликлар 198 нафарни ва Японияликлар 166 нафарни ташкил қилди”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2017 йил 29 декабрдан 3 январгача 790 нафар сайёҳ рўйхатга олинган. Шундай қилиб, сайёҳлар сони бир йилда 2 баробарга ошган.

Эслатиб ўтамиз, Туту.ру сайти маълумотларига кўра, Ўзбекистон илк марта россияликлар орасида энг оммабоп йўналишлар рейтингининг етакчисига айланган.

 

Сурат манбаи: http://zefirtour.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: