Душанбеда ўзбек маҳсулотларининг кўзргазмаси бўлиб ўтади

Дата: 15:41, 27-02-2018.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – Март ойининг биринчи ярмида Душанбе шаҳрида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида миллий маҳсулотлар кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари учун бизнес-форум бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича,

мазкур кўргазма Тожикистон ишбилармон доиралари вакилларини Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан яқиндан таништирибгина қолмай, Тожикистон бозорига маҳаллий маҳсулотлар ва хизматларни етказиб бериш имкониятларини ҳам кўрсатиб беради.

Кўргазмада автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, енгил саноат, фармацевтика, кимё, нефть ва газ, металлургия ва электротехника саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва ҳунармандчилик буюмлари намойиш этилади.

Шунингдек, режалаштирилган кўргазма билан бир қаторда, Тожикистон ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакиллари учун бизнес-форум бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаевнинг фикрига кўра, мавжуд тажрибага асосланган кўргазма сезиларли амалий натижалар беради. Бугунги кунгача, Тошкент ва Душанбе шаҳарларида ташкил етилган ўзаро миллий кўргазмалар доирасида қиймати $100 млндан ортиқ бўлган савдо соҳасидаги шартномалар имзоланган.

Эслатиб ўтамизки, 2017 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айланмаси $236,8 млнни ташкил етди, бу эса ўтган йилги кўрсаткичдан 20,2% га кўпдир. Тожикистонга асосан транспорт хизматлари, минерал ўғитлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида Тожикистон капитали иштирокида 22 корхона фаолият юритмоқда.

2017 йил апрел ойидан бошлаб “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси мамлакатлар пойтахтлари ўртасида мунтазам йўловчи қатновларини бошлади.

Сурат манбаи: http://central.asia-news.com/en_GB/articles/cnmi_ca/features/2017/05/03/feature-01

Янгилик билан ўртоқлашиш: