Душанбедаги ҳудудий конференцияда энергия тармоғидаги инвестиция муҳити имкониятлари кўриб чиқилади

Дата: 21:22, 13-06-2014.

Душанбе. 13 июн. ЎзТАГ – Душанбеда 17 июнда очиладиган ҳудудий конференцияда энергия тармоғидаги инвестиция муҳити имкониятлари кўриб чиқилади ва ушбу соҳадаги илғор тажриба билан ўртоқлашилади, дея хабар беради жума куни Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА).
“Ҳудудий конференция Марказий Осиёда энергетик мулоқотга кўмаклашиш мақсадларида ўтказилмоқда”, - деб хабар беришди агентликка ОБСЕнинг ТРдаги бюросида.
Тадбир ОБСЕнинг Тожикистондаги бюроси ва ушбу мамлакат Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги ҳамда Тожикистон энергетиклар ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Конференцияда электроэнергияни ишлаб чиқариш, уни транзит қилиш бўйича келишувлар каби масалалар ҳам муҳокама қилинади. Шунингдек, шу соҳадаги муваффақиятли халқаро ҳамкорлик моделлари, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш масалалари ҳам кўриб чиқилади.
Кун тартибида 2015 йилда Тожикистонда Тожикистон ҳукумати ва ОБСЕ бюроси билан бирга “Энергетик дипломатия маркази”ни ташкил қилиш масаласи ҳам мавжуд.
Тадбирнинг очилиш маросимида Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазири Усмонали Усмонзода, бош вазир ўринбосари Азим Иброҳим ва ОБСЕнинг Тожикистондаги бюроси раҳбари Маркус Мюллерлар нутқ сўзлайдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: