Душанбедаги ярмаркада Тожикистон, Афғонистон ва Ўзбекистон ҳунармандлари ўз маҳсулотларини намойиш этади

Дата: 12:25, 02-03-2018.

Тошкент. 2 март. ЎзТАГ – Тожикистон пойтахтида ҳунармандчилик бўйича баҳорий халқаро ярмарка бўлиб ўтади, деб хабар беради жума куни Тожик телеграф агентлиги (ТожТАГ).

“3-4 мартда Душанбедаги Исмоилийлар марказида бўлиб ўтувчи ҳунармандчилик кўзгазма-ярмаркасида Тожикистон, Афғонистон ва Ўзбекистонлик ҳунармандларнинг маҳсулотлари намойиш этилади”, - деб хабар беради Европа Иттифоқининг Тожикистондаги ваколатхонаси.

Бу ерда қўлда ишланган аксессуарлар, бежирим сумкача ва осма халталар, кумуш ва чармдан ясалган муаллифлик ва винтаж тақинчоқлар, миллий бичимда яратилган дизайнерлик кийимларининг баҳорий коллекциялари, турли йўл ва услубларда ясалган текстиль буюмлар ва юмшоқ ўйинчоқлар, кулолчилик маҳсулотлари, уй безак буюмлари, совғалар ва бошқаларни топиш мумкин бўлади.

Ярмаркада нафақат совғаларни сотиб олиш, балки болалар ва катталар учун маҳорат дарсларига ташриф буюриб, уларни ўз қўли билан ясаб кўриш ҳам мумкин бўлади.

Тадбир Тожикистон Ҳунармандлар иттифоқи томонидан ташкил этилган бўлиб, “Тожикистон ва Қирғизистонда бизнес воситачи ва рақобатбардош ташкилотлар тармоғи” (NICE-TAK) лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда. Лойиҳа, Европа Иттифоқи томонидан Германия Иқтисодиёт ва энергетика федерал вазирлиги тарафидан молиялаштирилган.

Сурат манбаи: http://xn--b1agjasmlcka4m.xn--p1ai/event/v-peterburge-otkrylsya-pervyy-v-rossii-centr-podderzhki-eksporta

Янгилик билан ўртоқлашиш: