Фарғонада чегаралар масаласи бўйича ҳукумат бошлиқлари даражасидаги қирғиз-ўзбек музокаралари бошланди

Дата: 15:47, 29-03-2018.

Тошкент. 29 март. ЎзТАГ – Фарғонада чегаралар масаласи бўйича ҳукумат бошлиқлари даражасидаги қирғиз-ўзбек музокаралари бошланди, дея хабар қилади ҚирТАГ.

Олдинроқ ҚР ҳукумати матбуот хизмати берган хабарга кўра, Қирғизистон делегациясига бош вазир Сапар Исаков, Ўзбекистон делегациясига ЎзР ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов бошчилик қилмоқда.

С. Исаков учрашувда қилган чиқишида ўзбек томонига меҳмондорчилик учун миннатдорлик билдирди ва қирғиз-ўзбек муносабатлари янги даражага чиққанини таъкидлаб ўтди ҳамда бундай учрашувларни доимий ўтказишга чақирди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов икки мамлакат халқларининг кўп асрлик алоқаларини таъкидлаб ўтиб, учрашувни алоқаларни мустаҳкамлаш учун “янги платформа” деб атади.

Чегараолди туманлари кенгаши матбуот учун ёпиқ эшиклар ортида ўтади.

Эслатиб ўтмизки, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси Чегараолди вилоятлари раҳбарлари кенгашини ташкил этишга доир битим 2017 йил 5-6 сентябрда президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга расмий ташрифи доирасида Бишкекда имзоланган эди.

Биринчи кенгаш мажлиси доирасида икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Қирғиз делегацияси таркибига вазирлик ва муассасалар раҳбарлари, ҳукуматнинг Боткен, Жалалобод ва Ўш вилоятларидаги ваколатли вакиллари, шунингдек, чегараолди туманлари ҳудудий бошқарув органлари раҳбарлари кирган.

Олдин хабар берилгани каби, 2017 йил сентябрда кўп йиллик танаффусдан сўнг қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг Ўш ва Андижон вилоятлари ўртасидаги “Дўстлик” назорат-ўтиш пунктининг очилиши бўлиб ўтган эди.

Сурат манбаи: https://kun.uz/75626929

Янгилик билан ўртоқлашиш: