Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси ижтимоий тармоқ орқали саволларга жавоб беради

Дата: 17:42, 29-09-2015.

Тошкент. 29 сентябр. ЎзТАГ – 1 октябрда Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хефер-Виссинг элчихонанинг Фэйсбук ижтимоий тармоғи ташриф буюрувчилари билан мулоқот ўтказади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Немис элчихонасидан маълум қилишларича, 2015 йилнинг 3 октябрида Германия бирлашганлигининг 25 йиллиги кенг нишонланади. Германия элчиси Найтхарт Хефер-Виссинг билан ушбу санага бағишланган жонли мулоқот тошкент вақти билан соат 14.00дан 14.45гача бўлиб ўтади.

Элчи 45 дақиқа давомида “Германия бирлашганлигининг 25 йиллиги” мавзусидаги саволларга жавоб беради. Саволларни немис, рус ёки ўзбек тилида бериш мумкин.

Эслатиб ўтамизки, Германия Федератив Республикаси Ўзбекистон Республикасининг Европадаги ишончли ҳамкорларидан биридир. Дипломатик алоқалар ўрнатилган 1992 йилдан бери икки мамлакат орасида олий даражада сиёсий мулоқот ўрнатилган. Бошқа соҳалардаги алоқалар ҳам яхши ривожланмоқда.

Ўзбекистон ва Германия халқаро сиёсат, хусусан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадларида ҳам ҳамкорлик қилмоқдалар.

Тошкентда фаолияти немис тилини ўқитишни қўллаб-қувватлашга қаратилган Гёте институт филиали ҳам ишлаб турибди.

Икки мамлакат муносабатларнинг меъёрий-ҳуқуқий асосини ҳам мустаҳкамламоқда. Хусусан, август охирида Ўзбекистонда ГФР билан иккитомонлама солиққа тортишга йўл қўймаслик ҳақида келишувга ўзгартиш ва қўшичалар киритиш ҳақидаги протокол ратифиция қилинди.

Протокол икки мамлакат ўртасидаги солиқ соҳасидаги ахборотларни алмашинишни яхшилашга хизмат қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: