Гулнора Каримовага қарши жиноий иш бўйича тергов якунланди
Тошкент 6 январь. ЎзТАГ – Гулнора Каримовага қарши жиноий иш бўйича тергов якунланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Бош прокуратура томонидан жиноий уюшма таркибида товламачилик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва чет эл давлатларда жиноий даромадларини легаллаштириш каби жиноятларни содир этган Г. Каримова ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари якунланди", – дейилади назорат идорасининг матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда айблов хулосаси билан жиноят иши моҳиятан кўриб чиқиш учун судга юборилди.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йил августида Гулнора Каримова товламачилик ва солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлиги учун беш йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Ўзбекистон Каримова активларини 12 мамлакатда, шу жумладан, Россияда мусодара қилиш ташаббуси билан чиқди, уларнинг умумий қиймати $1,5 млрддан ошди. 2019 йил март ойидан бери Г. Каримова Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 21-сонли аёллар колониясида жазони ўтамоқда.
Август ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Г. Каримовага қарши давлат маблағларини ўғирлаш ва Ўзбекистон манфаатларига зид битимлар тузиш, шунингдек, бировнинг мулкини товламачилик йўли билан мусодара қилиш фактлари бўйича янги жиноий иш қўзғатилишини эълон қилган.
Аввалроқ, Гулноранинг қизи Иман Каримова, Гулнора Каримованинг қамоқ муддати бешинчи марта узайтирилганини маълум қилган эди.
Сурат манбаи: tvnet.lv