IFC Ўзбекистонга гемодиализ хизматларини кенгайтиришда ёрдам бермоқда

Дата: 13:45, 09-11-2018.

Тошкент. 9 ноябр. ЎзТАГ – Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) Ўзбекистон ҳукуматига буйрак касалликларидан азият чекаётган беморларнинг юқори сифатли гемодиализдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

IFCнинг Тошкентдаги идорасидан хабар беришларича, корпорация транзакцион маслаҳатчи сифатида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига давлат-хусусий шериклиги (ДХШ) асосида энг яхши халқаро талабларга мувофиқ гемодиализ хизматларини кўрсатишни молиялаштириш учун малакали хусусий инвестицияларни жалб этиш лойиҳасини тайёрлашда ёрдам беради.  

Тегишли келишув Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари ва IFC ўртасида имзоланди.

Қайд этилишича, ДХШ лойиҳасининг амалга оширилиши аҳолининг сифатли гемодиализ хизматлари билан қамровини оширади, соғлиқни сақлаш соҳасига тўғридан тўғри сармояларни жалб қилади, шунингдек, гемодиализ хизматларини кўрсатишга ихтисослашган етакчи хорижий ташкилотларнинг билим ва тажрибаларини жалб этади.

Эслатиб ўтамиз, гемодиализ – қонни қурилма томонидан тозалашга асосланган муолажа тури бўлиб, организмдан турли зарарли моддаларни чиқариб юбориш услубидир.

 

Сурат манбаи: https://ru.sputnik.kg

Янгилик билан ўртоқлашиш: