Исроил, Индонезия, Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз бўлишлари мумкин

Дата: 13:42, 27-02-2018.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – 2018 йил 10 февралдан Исроил, Индонезия, Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз бўлишлари мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Визасиз тартиб ташриф мақсадидан қатъий назар мазкур давлатлардан Ўзбекистон Республикасига 30 кунгача бўлган муддатга ташриф буюрмоқчи бўлган ҳар қандай категориядаги паспорт (дипломатик, хизмат ва фуқаролик паспортлари) эгаларига нисбатан қўлланилади. Мазкур давлатлар фуқаролари ушбу тартибда Ўзбекистон Республикасига амалдаги миллий паспорт еки хорижий давлатларга чиқишда фойдаланадиган бошқа ҳужжат асосида киришлари мумкин”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Визасиз тартиб юқоридаги давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги йўқ шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Визасиз тартиб Ўзбекистон Республикасига кириб келган кундан бошлаб 30 кун давомида амал қилади. Чет эл фуқароси 30-кун тугагунига қадар Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиши лозим. Чет эл фуқароси томонидан 30 кунлик муддатнинг ўтказиб юборилиши хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.

Ўз навбатида, чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикасида 30 кундан кўп муддатга келмоқчи бўлса белгиланган тартибда ташриф мақсадига мувофиқ равишда Ўзбекистон Республикасига кириш визасини олиши лозим бўлади.

“Шунингдек, 2018-йил 10-февралдан дунёнинг 39 давлати фуқаролари учун ҳужжатлар қабул қилинган кундан ташқари 2 иш куни давомида туристик визани расмийлаштиришнинг енгиллаштирилган тартиби жорий етилди ва сайёҳлик рухсати (турваучер) ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилаётган жисмоний/юридик шахсларнинг мурожаат қилиши бекор қилинди. Илгари Австрия, Белгия, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Латвия, Франция, Швейцария, Таиланд, Чехия ва Польша фуқаролари учун ҳам визалар расмийлаштиришниг енгиллаштирилган тартиби жорий этилган эди.”, - дейилади яна хабарда.

2018-йил 10-февралдан бошлаб туризм визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби Албания Республикаси, Америка Қўшма Штатлари, Андорра, Австралия, Бирлашган Араб Амирликлари, Болгария Республикаси, Босния ва Герцоговина, Черногория, Дания Қироллиги, Эстония Республикаси, Финляндия Республикаси, Греция Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Ирландия, Исландия, Канада, Литва Республикаси, Хитой Халқ Республикаси (Гонконгни ҳам қўшган ҳолда), Лихтенштейн Қироллиги ва бошқалар киради.

Сурат манбаи: http://uznews.uz/ru/article/8885

Янгилик билан ўртоқлашиш: