Хитой Ўзбекистон давлати Каримов белгилаган курсни давом эттиришига ишонади

Дата: 15:44, 04-09-2016.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – Хитой президент Ислом Каримов вафотидан кейин ҳам Ўзбекистон давлати у белгилаган курсни давом эттиришига қатъий ишонади, деб хабар беради РИА Новости ХХР Давлат кенгаши раисининг ўринбосари Чжан Гаолининг сўзларига асосланган ҳолда.

78 ёшида жума куни вафот этган Ислом Каримов кичик ватани Самарқандда дафн этилди. Мамлакатда уч кунлик мотам элон қилинган. Дафн маросимида ХХР томонидан  Давлат кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Чжан Гаоли иштирок этди.

“Хитой Ўзбекистон халқи Каримовнинг ташаббуси билан бошланган ишларни давом эттириши ва ривожлантириши, давлат қурилиши ҳамда тараққиёт йўлида янги муваффақиятларга эришишига ишончи комил”, - деб иқтибос келтиради Чжан Гаолининг Каримовнинг дафн маросимидаги сўзларидан ХХР ТИВ якшанба куни.

Дафн маросимидан кейин Чжан Гаоли Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашди, унда томонлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ривожи ҳақида суҳбатлашдилар.

Учрашувда ХХР Давлат кенгаши раҳбарининг ўринбосари Хитой Ўзбекистон билан бирга аввал имзоланган келишувларни амалга ошириш, янги Ипак йўли ривожига ҳисса қўшиш, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, хавфсизлик соҳалари ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришни икки мамлакат муносабатларининг устувор йўналишларига айлантириш ниятида эканлигини маълум қилди.

Ўз навбатида Шавкат Мирзиёев Чжан Гаолига И.Каримовнинг дафн маросимидаги иштироки учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у Ўзбекистон Хитой билан муносабатларига катта аҳамият бериши ҳамда икки мамлакат етакчилари томонидан аввал эришилган консенсус асосида барча соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистон ва Хитой муносабатларини ривожлантириш ниятида эканлигини маълум қилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: