“ЛУКОЙЛ” Ўзбекистонда 30 млрд кубометр газ қазиб олди

Дата: 17:53, 25-09-2015.

Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “ЛУКОИЛ” компанияси (Россия) бошқарувида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида қазиб олинган табиий газнинг умумий ҳажми 30 млрд кубометрни ташкил этди. Ушбу газнинг асосий қисми (85% яқини) Бухоро вилоятида жойлашган Ҳовузак-Шоди участкасига тўғри келади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Компания хабарига кўра, Ҳовузак-Шоди участкасида газ қазиб олиш кенг кўламли ишлар 2007 йилнинг ноябр ойида бошланган бўлиб, 2011 йилда Ғарбий Шоди участкаси ишга туширилди. 2014 йилда мазкур ҳудудда газ қазиб олиш ҳажмини 20% оширган қўшимча сиқиш компрессор стантцияси ишга туширилди. 2015 йилнинг майида “Қандим илк гази” лойиҳаси доирасида Қандим конлари гуруҳига кирувчи Қувачи-Олот конида ҳамда Денгизкўл конидаги Шимолий Шоди участкасида газни дастлабки тайёрлаш маҳсус қурилмалар синов тарзда ишга туширилди.

Бугунга келиб Ҳовузак-Шоди участкасида қазиб олинган газнинг умумий ҳажми 25 млрд кубометрдан ошиқни ташкил этмоқда.

“Жануби-Ғарбий Ҳисор” лойиҳаси асосида табиий газни қазиб олиш ишлари 2011 йилнинг декабр ойида бошланган. “Ҳисорни тўлақонли ривожлантириш” лойиҳаси эса 2013 йилнинг баҳорида амал қила бошлади. Қурилишнинг бош объектлари – участканинг таянч базаси, йилига 5 млрд кубометр газни комплекс равишда тайёрлаш ҳамда 1,8 млрд кубометр газни дастлабки тайёрлаш қурилмаларидир. Ҳисорда шу пайтга қадар қазиб олинган газнинг умумий ҳажми тахминан 5 млрд кубометрни ташкил қилади”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 2004 йилдан буён “ЛУКОИЛ” “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда кенг қамровли лойиҳаларни амалга ошириб, мамлакатдаги энг йирик чет эл сармоядори ўрнини сақлаб келмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: