Малайзия Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин

Дата: 13:04, 09-07-2019.

Тошкент. 9 июль. ЎзТАГ – Малайзия Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"8 июль куни Малайзиянинг Малакка штати Хитой савдо-саноат палатаси (Malacca Chinese Chamber of Commerce and Industry – MCCCI) вице-президенти Ю.Геок бошчилигидаги ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи бошланди. ( ... ) Учрашув ва музокаралар чоғида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди", – дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, Малайзия делегацияси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Лазиз Қудратов томонидан қабул қилинди, савдо-саноат палатаси аъзолари билан давра суҳбатида иштирок этди, шунингдек, В2В форматида Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

"Ўтказилган тадбирлар якуни бўйича Ўзбекистондан Малайзияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятини кўриб чиқиш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш бўйича саноат комплексларини ташкил этиш, шунингдек, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди", - дейилади хабарда.

9 июлда MCCCI делегацияси “Ангрен” эркин иқтисодий зонасига ва бир қатор саноат корхоналарига ташриф буюришни режалаштирмоқда.

Сурат манбаи: ok.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: