МДҲдаги энг арзон газ Ўзбекистон бозорида сотилади, энг қиммати эса –Арманистонда

Дата: 16:59, 24-04-2018.

Тошкент. 24 апрел. ЎзТАГ – МДҲдаги энг арзон газ Ўзбекистон бозорида сотилади, энг қиммати эса – Арманистонда, дейилади “MLS-Group” компаниясининг таҳлилий материалларида, деб хабар беради КазТАГ.

“Агар МДҲга аъзо давлатларда истеъмолчилари учун газ нархларини таққосласак, Қозоғистонда мовий ёқилғи энг арзонлардан бири бўлиб қолаётганини кўрамиз. Ўз ресурсларига эга бўлмаган ва газни импорт қилиши керак бўлган мамлакатларда унинг нархи анча юқори. Масалан, газнинг нархи энг юқори бўлган Арманистонда унинг бир кубометри 106 қозоқ тангасига, Молдовада 104 тангага, Украинада 82 тангага тенг. Кейинги ўринда бизнинг энг яқин қўшнимиз Қирғизистон бўлиб, у ерда ҳар бир кубометр газ нархи 69 тангани ташкил қилади. Белорусь газ нархи энг юқори бўлган малакатлар рўйхатини якунлайди, бу ерда ҳар кубометр учун 65 тангадан тўланади”, - дейилади КазТАГга сешанба куни тақдим этилган маълумотда.

Газ баҳоси энг арзон мамлакатларга келсак, Ўзбекистонда бу ёқилғининг энг паст нархи 1 кубометр учун 14 тангага тенг.

“Мовий ёқилғи нархининг арзонлиги бўйича иккинчи ўринда Қозоғистон бўлиб, бу ерда ички бозор истеъмолчилари учун газ нархи ўртача 24 тангага тенг (1 кубометр учун - КазТАГ)”, - дейилади маълумотда.

“Шу билан бирга, газнинг нархи турли вилоятларда фарқ қилади. Агар жанубий вилоятларда мовий ёқилғининг нархи ҳар бир кубометр учун 27 тангадан 36 тангагача бўлса, Қозоғистон ғарбида кубометр газ 8 тангадан 10 тангагача туради. Бошқа ҳудудларда нархлар 11 тангадан 19 танга орасида. Бундай нарх сиёсатига газни ташиш учун сезиларли харажатларни талаб қилувчи улкан масофалар таъсир кўрсатади”, - деб таъкидлашади таҳлилчилар.

Уларнинг маълумотларига кўра, кейинги ўринда Россия бўлиб, бу ерда мовий ёқилғининг нархи ҳар кубометри учун 36 тангани ташкил этади. Озарбайжон рўйхатнинг сўнгида бўлиб, бу ерда бир кубометр газ учун 39 танга тўланади.

“Шундай қилиб, қозоғистонликларга газ бошқа мамлакатлардаги истеъмолчиларга қараганда анча арзонга тушади. Қозоғистон Республикасида товар газининг барқарор паст нархлари кўп жиҳатдан “КазТрансГас” ОАЖ дотациялари ҳисобига сақланиб қолмоқда. Ширкат газни аҳолига унинг таннархидан анча арзон баҳода сотади”, - дея хулоса қилади таҳлилчилар.

Сурат манбаи: http://www.aif.ua/money/mymoney/1479773

Янгилик билан ўртоқлашиш: