Мирзиёев банкларга хусусий тармоқ маблағларини низом капиталига фаолроқ жалб қилишга чақирди

Дата: 09:45, 23-11-2018.

Тошкент. 23 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев банкларга хусусий тармоқ маблағларини низом капиталига фаолроқ жалб қилишга чақирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

22 ноябрда Ш. Мирзиёев раислигида банк тизимини ислоҳ этиш ва банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тадбиркорликни ривожлантиришда тижорат банкларининг ролини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Кредитлар ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда зарур манбалиги қайд этилди. Бўш маблағларни жалб қилиб, уларни кредит сифатида тадбиркор ва инвесторларга тақдим этадиган тижорат банкларининг иқтисодий жараёнлардаги роли жуда катта.

Шу борада кўрилган тизимли чоралар натижасида охирги икки йилда банклар томонидан инвестиция лойиҳаларини кредитлаш кўлами сезиларли даражада кенгайиб, кредит портфели ҳажми 3,2 баробар ошди. Ҳудудларни ривожлантириш дастурлари доирасида 6 минг 400 та лойиҳа учун 27 трлн сўм кредит ажратилди.

Йиғилишда банк тизимида ижобий натижалар билан бирга, қатор муаммолар ҳам борлиги қайд этилди. Жорий йилда президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига банк соҳаси бўйича 24 мингдан зиёд мурожаат бўлгани шундан далолат беради. 

Видеоселекторда муаммоли кредитлар масаласи муҳокама қилинди. Бундай кредитлар жами кредитларнинг 1,8% дан кам бўлса-да, йил бошига нисбатан ошгани қайд қилинди. Ҳудудлар кесимида бундай кредитларининг 76% Тошкент шаҳрига, 5% Қашқадарё, 3% Бухоро вилоятларига тўғри келади.

Шунингдек, ҳокимликлар (маъмуриятлар – ЎзТАГ) ва тармоқлар томонидан айрим лойиҳалар пухта ишлаб чиқилмагани оқибатида бир қатор объектлар ўз вақтида ишга тушмагани ҳамда кредитлар қайтиши чўзилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида ва Қорақалпоғистонда кредит маблағлари ажратилган айрим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳалигача бошланмагани танқид қилинди.

Бундан ташқари, уй-жой фондини таъмирлаш ва турар жой биноларини барпо этишга қайтариш манбалари ва имкониятлари тўлиқ ўрганилмасдан кредит ажратилиши оқибатида умидсиз қарзлар кўпаймоқда. Жумладан, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бўйича катта миқдорда муаммоли кредитлар мавжуд. Улардан энг кўплари – Тошкент шаҳрида 32 млрд сўм, Қашқадарё вилоятида 27 млрд сўм, Андижон вилоятида қарийб 20 млрд сўм ва Бухоро вилоятида 14 млрд сўмдир.

Ш. Мирзиёев муаммоли кредитларни қайтариш банкларнинг имкониятларини янада кенгайтиришини, уларни ундириш бўйича банклар, қарздор корхоналар, компания ва уюшмалар, ҳудудлар раҳбарлари биргаликда иш олиб бориши зарурлигини таъкидлади. 

“Банкларнинг кредит учун ресурслар жамлашдаги фаоллиги ҳам етарли эмас. Аҳоли ва юридик шахсларнинг бўш маблағларини банк депозитларига, биринчи навбатда муддатли ва жамғариб бориладиган депозитларга жалб қилиш банкларнинг молиявий барқарорлигини оширади”, - дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.

Ш. Мирзиёев, шунингдек, тижорат банклари халқаро молия институтлари кредит линияларини янада фаол жалб этиши ва уларни тўлиқ ўзлаштириши лозимлигини қайд этди. 

Тижорат банклари устав капитали асосан давлат улуши ҳисобига оширилиб, хусусий сектор маблағлари деярли йўналтирилмагани жиддий танқид қилинди. 

“Ўтган икки йил мобайнида давлат томонидан банкларнинг капиталига қарийб $1 млрд миқдорида маблағлар ажратилган. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан давлат улушига эга деярли барча банклар, жумладан, Қишлоқ қурилиш банк, Саноатқурилишбанк, Асакабанк, Агробанк, Микрокредитбанк, Алоқабанк ва Ипотека банк устав капиталида жисмоний ва юридик шахсларнинг акциялари улуши кескин камайган. Шунинг учун банкларнинг устав капиталига хусусий сектор маблағларини фаол жалб этиш кераклиги таъкидланди”, - дейилади хабарда.

Йиғилишда кузатув кенгашлари банкларнинг стратегик ривожланиш йўналишларини белгилаш ва фаолиятини яхшилаш бўйича етарли иш олиб бормаётгани муҳокама қилиниб, Марказий банк, Иқтисодиёт вазирлигига давлат тасарруфидаги банкларнинг кузатув кенгашлари фаолиятини танқидий ўрганган ҳолда, уларнинг таркибини тубдан қайта кўриб чиқиш ва самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатма берилди. Мамлакатимиз молия муассасалари фаолиятини такомиллаштириш учун хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида микрокредитлар ҳажмини кескин ошириш, уларни ажратиш тартибини соддалаштириш зарурлигини таъкидлади. 

“Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди”, - деб хулоса қилинади хабарга. 

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: