Мирзиёев Ҳиндистоннинг янги президентини табриклади

Дата: 12:18, 27-07-2017.

Тошкент. 27 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Рам Натҳ Ковиндни Ҳиндистон Президенти этиб сайлангани билан табриклади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Сизнинг ушбу ғоят масъулиятли лавозимга сайланишингиз, авваламбор, Ҳиндистон халқининг Сизга бўлган катта ишончи ифодаси, кўп йиллик сиёсий фаолиятингиз, бой ҳаётий тажрибангизга берилган холис ва ҳаққоний баҳодир”, - деб таъкидлади Ўзбекистон Президенти.

Мактубда ўзаро манфаатларга жавоб берадиган барча йўналишларда узоқ муддатли стратегик алоқаларни изчил ва босқичма-босқич ривожлантириб боришдан Ўзбекистон томони манфаатдор эканлиги таъкидланди.

“Даврлар ва ҳаёт синовидан ўтган Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик ришталари халқларимизнинг кўп асрлик яқин муносабатлари асосида бугунги кунда муваффақиятли ривожланиб ва мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим”, – деди яна ўзбек давлати бошлиғи.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Рам Натҳ Ковиндга мустаҳкам соғлик ва масъулиятли фаолиятида улкан зафарлар, дўст ҳинд халқига бардавом тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик тилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: