Мирзиёев Самарқанд аэропортини реконструкция қилиш бўйича кўрсатмалар берди

Дата: 14:43, 26-07-2019.

Тошкент. 26 июль. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд аэропортини реконструкция қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

"Президент ҳудудларни ривожлантириш, халқимиз ҳаёти билан танишиш учун 26 июль куни Самарқандга жўнаб кетди", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, Самарқанд халқаро аэропортида президент ушбу ҳаво портини реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишди. Яна бир терминал қурилиши, учиш-қўниш йўлаги реконструкция қилиниши, самолёт паркини кенгайтириш, радар тизимларини модернизация қилиш режалаштирилган. Янги аэровокзал барча халқаро талабларга жавоб беради ва соатига 600 йўловчига хизмат қилади.

"Давлатимиз раҳбари аэропортда замонавий менежментни жорий этиш, реконструкция қилиш вақтида йўналишлар бўйича поездлар ва автобуслар сонини ошириш, аҳоли ва сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди", - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Мирзиёев Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйди ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Марҳумнинг шарафига Қуръондан суралар ўқилди. Нуронийлар, диний арбоблар билан суҳбатда Каримовнинг халқ ва давлат олдидаги хизматлари, унинг эзгу фазилатлари ёдга олинди.


Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: