Озарбайжон артистлари Тошкентда концерт берадилар

Дата: 09:11, 06-09-2018.

Тошкент. 6 сентябр. ЎзТАГ – 11 сентябрда Тошкентда озарбайжонлик хонанда ва машшоқлар иштирокида Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган концерт бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Гейдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданий марказининг лойиҳасидир.

Марказдан маълум қилишларича, концерт дастурида Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист, вокал хонандаси Гюлянаг Мамедова, Озарбайжон халқ артисти Нигяр Шабанова, Самарқанддаги 2017 йилги “Шарқ тароналари” фестивали гран-приси соҳибаси, Озарбайжон халқ артисти Соҳиб Пашазаде ва президент стипендиати, Бокудаги халқаро мугом фестивали лауреати Абгюл Мирзалиевлар иштирок этадилар.

Ушбу марказ директори Самир Аббасовнинг сўзларига кўра, концерт дастурида Озарбайжон хонанда ва машшоқларидан ташқари Ўзбекистон санъат усталари ҳам иштирок этади. У икки мамлакат маданияти, урф-одат ва анъаналари, динининг яқинлиги, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг юксак даражаси кўплаб лойиҳаларнинг амалга оширилиши учун асос бўлишини таъкидлаб ўтди.

Сурат манбаи: http://www.kultura.uz/view_6_r_11502.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: