Озарбайжон ШҲТ мулоқот бўйича ҳамкор мақомини олди

Дата: 16:24, 14-03-2016.

Тошкент. 14 март. ЎзТАГ – Озарбайжон ШҲТ мулоқот бўйича ҳамкор мақомини олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).   

“2016 йилнинг 14 мартида Пекинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти котибиятида Озарбайжон Республикасига ШҲТ мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш ҳақидаги меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бунга доир қарор ташкилот давлат раҳбарлари кенгашининг Уфадаги (Россия) саммитида қабул қилинган эди”, - дейилади душанба куни эълон қилинган хабарда.

Меморандум ШҲТ бош котиби Рашид Алимов ва Озарбайжон ташқи ишлар вазири Элмар Мамедяровлар томонидан имзоланган.

“Хужжат ШҲТ ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилайди. Жумладан, бу йўналишларга терроризм, экстремизм, сепаратизм, наркотик моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва сотишга қарши кураш, савдо ва инвестиция, энергетика, телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги, маданият, фан ва техника, таълим, туризм, техноген характердаги фавқулодда ҳодисаларда ўзаро кўмак ва уларнинг олдини олиш кабилар киради”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, меморандум аниқлаштирилмаган муддатга тузилган бўлиб, ШҲТ Кобитияти томонидан Озарбайжон ҳукуматидан ички давлат тартиблари бажарилгани ҳақида билдирги олинганидан бошлаб кучга киради.

Имзолаш маросимида ШҲТ аъзо мамлакатлар элчилари ва доимий вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Эслатиб ўтамизки, 2016 йилда ШҲТ раислиги Россиядан Ўзбекистонга ўтди. 23-24 июнда Тошкентда ташкилотга аъзо давлатларнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамизки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) 2001 йилда ташкил қилинган минтақавий халқаро ташкилотдир. Унга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Беларусь, Монголия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. 2015 йилнинг 10 июлида ШҲТга  Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш бўйича ҳаракатлар бошланган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: