Регби бўйича Ўзбекистон термаси World Rugby рейтингидаги мавқеини яхшилади

Дата: 12:39, 12-06-2015.

Тошкент. 12 июн. ЎзТАГ – Регби бўйича Ўзбекистон термаси World Rugby рейтингидаги мавқеини яхшилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Халқаро регби иттифоқига (World Rugby) асосланган ҳолда.

Ўзбекистон термаси жаҳондаги энг кучли термалар рейтингида 4 поғонага юқорилаб, 86 ўринга чиқди. Бунга эркаклар миллий жамоасининг Тошкентда 27-30 май кунлари бўлиб ўтган регби бўйича Осиё чемпионатида Ҳиндистон устидан ғалабаси натижасида эришилди.

Рейтингга жами 102 жаҳон термалари кирди. Унда Янги Зеландия, ЖАР ва Ирландия етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Англия, Уэльс, Австралия, Франция, Аргентина, Самоа ва Шотландия бормоқда. Рейтинг қуйисида Монако, Вануату ва Америка Самоаси жойлашди.

Марказиё Осиёдан рейтингга Қозоғистон термаси ҳам кирган бўлиб, у 42 поғонани эгаллади.

Эслатиб ўтамизки, Халқаро регби иттифоқи 120 мамлакатни бирлаштирган. Улардан 102 тенг ҳуқуқли аъзо бўлса, 18 шартли аъзолардир.

Ўзбекистон Иттифоққа 2014 йил 14 майда тенг ҳуқуқли аъзо бўлган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: