Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси Ўзбекистонга тинч атомни ривожлантиришда ёрдам беради

Дата: 15:44, 06-11-2017.

Тошкент. 6 ноябр. ЎзТАГ – “Росатом” давлат корпорацияси ва Ўзбекистон Фанлар академияси атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Атом энергиясидан тинч мақсадлар учун фойдаланиш тўғрисидаги меморандум томонларнинг ядровий технологияларни амалий қўллаш ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадларини қайд этади. У Ўзбекистонда ядро инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш, атом технологияларидан аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни қўллаш каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади”, - деб таъкидланади “Росатом” хабарида.

Бундан ташқари, тегишли ахборот марказларини яратиш, ядро физикаси соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш, саноатда, тиббиётда, қишлоқ хўжалигида ва бошқа соҳаларда радиоизотоплардан ва радиацион технологиялардан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: