Саидамирхон Турғунбоев конкур бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритди

Дата: 15:47, 06-12-2017.

Тошкент. 6 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик спортчи Саидамирхон Турғунбоев конкур бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон вакили 20 йил ичида илк маротаба бундай юқори даражадаги мусобақаларда иштирок этди.

Ўзбекистон Отчилик ва от спорти федерацияси маълумотларига кўра, қитъа чемпионати 1-декабрдан 3-декабргача Гонконгда бўлиб ўтди. Бу ерга 20 та Осиё мамлакатидан ушбу спорт турининг энг яхши вакиллари тўпландилар.

Қуръа ташлаш маросимида ўзбек спортчисига QuickMoney лақабли от тушди. Саидимирхон саралаш турниридаги барча тўсиқларни муваффақиятли енгиб, финалга йўл олди ва иккинчи ўринни эгаллади.

Медалларни мусобақа ғолибларига Осиё от спорти федерацияси президенти Ҳамад бин Абдураҳмон ал-Аттия топширди.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: