Самарқанд вилоятида ноёб гиламдўзлик студияси очилмоқда

Дата: 11:28, 29-09-2015.

Самарқанд. 29 сентябр. ЎзТАГ – Эртага, 30 сентябрда Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Сайрам қишлоғида қўлда гилам тўқиш бўйича ноёб гиламдўзлик студиясининг очилиш маросими бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу синов лойиҳасини амалга ошириш учун БМТТДнинг Глобал дастури томонидан $75 минг ажратилди.

“Маблағлар дастгоҳ, техника, мебель ва тўлиқ ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўйиш учун усбоб-ускуналар сотиб олиш, мутахассис ва маслаҳатчиларни жалб қилиш учун сарфланди. Пастдарғом туманидаги Сайрам ва Каналёқа қишлоқларида яшовчилар орасидан танлаб олинган аёллар учун студияда табиий ипакдан қўлда гилам тўқиш техникаси, дизайн ва маркетинг бўйича икки ойлик амалий курс ташкил этилди”, – деб таъкидлашди БМТТДда.

Маърузаларда тингловчилар ушбу санъат турининг пайдо бўлиш тарихи, мураккаб нақшларни яратиш техникаси, ипак толаларини бўяш, шунингдек, қадим замонлардан бери оналардан қизларга “устоз-шогирд” тариқасида ўтиб келаётган дизайн намуналари билан танишдилар.

Студия ишга тушганидан кейин бу ерда ишлаб чиқарилган ноёб самарқанд гиламлари экспортга жўнатилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа муаллифлари Ўзбекистонда илк марта ишлаб чиқилиб, чоп этилган “Қўлда ипакдан гилам тўқиш қўлланмаси”нинг тақдимотини ҳам ўтказадилар. Ушбу қўлланмада гиламларнинг яратилиш жараёни, уларнинг дизайни, толаларни бўяш услублари ва тайёр маҳсулотларни сақлаш босқичлари содда тарзда тушунтириб берилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: