Самарқандда рейд давомида тўхтатилган такси ҳийдовчиларидан тўрттаси маст ҳолатда бўлгани аниқланди

Дата: 17:56, 25-09-2015.

Самарқанд. 25 сентябр. ЎзТАГ – Самарқандда вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, “Ўзавтодарётранс” агентлиги вилоят бўлими, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган рейдлар натижасида тўхтатилган такси ҳийдовчиларидан тўрттаси маст ҳолатда бўлгани аниқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“330 нафар ҳайдовчининг лицензиясиз фаолият кўрсатгани ёхуд лицензия талабларига риоя қилмасдан йўловчи ташигани аниқланди. Ҳисоб терминаллари ва назорат-касса техникаларисиз 348, таксометрсиз 62, радиоалоқасиз 42, ҳайдовчи суғуртасисиз 84 нафар таксичи фаолият олиб боргани ошкор бўлди, 4 ҳайдовчи эса алкогол маҳсулотлари таъсирида автомобиль бошқаргани аниқланган”, дейилади “Самаркандский вестник” газетасида босилган мақолада.

“Ўзавтодарётранс” агентлиги вилоят бўлими томонидан аниқланган барча ҳолатлар бўйича зарур чоралар кўрилган.

“Шунингдек, мазкур тадбирлар давомида ҳайдовчиларга йўловчилар билан мулоқотда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, ташқи кўринишини озода тутиш, бошқарувидаги автомобилнинг носоз ва антисанитария ҳолатида бўлмаслигини таъминлаш борасида тушунтиришлар олиб борилди. Прокуратура томонидан йўловчиларни ташиш билан шуҳғулланаётган ҳайдовчилар учун махсус қўлланмалар ишлаб чиқилди ва 142 донаси тарқатилди. “8 Март” МЧЖ тикув фабрикасида автобус ва такси ҳайдовчилари учун махсус хизмат либоси тайёрланиб, тарқатилди”, деб ёзади нашр.

Янгилик билан ўртоқлашиш: