Шанхай ҳамкорлик ташкилотига асосчи мамлакатлар элчилари ташкилот юбилейини нишонладилар

Дата: 19:05, 06-05-2016.

Тошкент. 6 май. ЎзТАГ – Шанхай ҳамкорлик ташкилотига асосчи мамлакатлар элчилари ташкилот юбилейини нишонладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2016 йилнинг 4-5 май кунлари Шанхай шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига асос солинган эди. Шу муносабат билан бу ерда ташкилотга аъзо давлатлар элчилари учрашуви бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Республикасидан Ш.Нуришев, Қирғизистон Республикасидан К.Бактигулова, Россия Федерациясидан А.Денисов, Тожикистон Республикасидан П.Давлатзода, Ўзбекистон Республикасидан Д.Қурбонов, ХХР ТИВ Марказий Осиё ва Европа департаменти директори ўринбосари Цзян Ян ҳамда ШҲТ Бош котиби Р.Алимовлар иштирок этди”, - деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Шундан сўнг дипломатик миссиялар раҳбарлари Шанхай шаҳри мэри Ян Сюн билан учрашишди. Унда замонавий Шанхай нафақат янги турдаги халқаро ташкилотга ном бергани, балки унга энг яхши сифатлар ҳам улашгани қайд этилди.

Ўзбекистоннинг ШҲТ раислиги доирасида ташкилот Тошкентдаги юбилей саммитига тайёргарлик кўраётгани, асосчи давлатлар пойтахтларида шу муносабат билан махсус тадбирлар ўтаётгани айтиб ўтилди.

Элчилар 2001 йил 15 июнда ШҲТ давлат раҳбарлари саммитининг ўтказилиши билан боғлиқ жойларга ташриф буюрдилар. Хусусан, ташкилотнинг асос хужжатлари имзоланган йиғилишлар заллари кўздан кечирилди.

Шанхай шаҳридаги Шанхай ижтимоий фанлар академиясида (ШИФА) шаҳарнинг илмий ва экспертлар вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди ва унда ШҲТ Бош котиби Р.Алимов “ШҲТга 15 йил: эришилган ютуқлар ва истиқболлар” мавзусида маъруза қилди.

“200 атрофида замонавий халқаро муносабатлар соҳасидаги хитойлик таниқли олимлар ва мутахассилар иштирокидаги учрашувда элчилар илмий ҳамжамиятни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: