Шавкат Мирзиёев амалдорлардан тадбиркорларни сиқиштирмасликни талаб қилди

Дата: 22:26, 17-01-2017.

Тошкент. 17 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев амалдорлардан тадбиркорларни сиқиштирмасликни талаб қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувларда шахсан ўзим шунга қаттиқ ишонч ҳосил қилдимки, бундай саволларни беришга уларнинг тўлиқ ва қонуний ҳуқуқи бор. Бу ҳуқуқни улар турли маълумотнома, рухсатнома ва сертификатлар, кредит олишда неча кунлар навбатда туриш, ноқонуний текширувлар, бой берилган иқтисодий ва молиявий фойда ҳисобидан қўлга киритган”, - деб таъкидлади Мирзиёев мамлакатни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида.

Шу билан бирга, тадбиркорларнинг кўпчилиги ҳақиқий фуқаролик позициясида туриб, етим болалар ва ночор оилаларга, маҳаллалар ва ижтимоий соҳа муассасаларига беғараз ёрдам бермоқда.

“Бунинг эвазига улар нима оляпти? Биринчиси – фақат қўрқув, яна текширишни ва сиқувга олишни бошлашади, эркин меҳнат қилишга, оиламни, бола-чақамни боқишга яна имконият бермайди, деган қўрқув. Шу сабабли улар ўз ишида камчилиги ва қонунбузарлик ҳолати бўлмаса ҳам турли даражадаги амалдорлар билан “келишиб олишга” мажбур бўлмоқда”, - деб жавоб берди давлат раҳбари ўзи берган саволга.

Янгилик билан ўртоқлашиш: