Шавкат Мирзиёев навбатдаги Давлат қўмитасини ташкил этди
Тошкент. 5 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиеев Давлат ветеринария қўмитаси ташкил этиш ҳақида фармонни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Янги ташкилот Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси негизида ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплекси таркибига киради.
“Давлат ветеринария қўмитаси ветеринария соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, меъёрий-ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш, ушбу соҳада давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, ветеринария фаолиятини лицензиялашни амалга ошириш, эпизоотик барқарорликни таъминлашда ҳайвонларнинг юқумли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, ташхис қўйиш ва тарқалишининг олдини олишга доир профилактик ишларнинг самарадорлигини мониторинг қилиш, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифати ҳамда муомаласи юзасидан назоратни амалга ошириш билан шуғулланади.
Ветеринария илмий-тадқиқот институти Давлат ветеринария қўмитаси тизимига ўтказилди. Республика давлат ветеринария лабораторияси, Ҳайвонларнинг ўта хавфли касалликлари давлат лабораторияси ва Парранда касалликлари бўйича давлат ветеринария лабораторияси тугатилиб, уларнинг негизида Республика ҳайвонлар касалликлари диагностикаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ташкил этилди.
Давлат раҳбари Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифатини назорат қилиш давлат лабораториясини Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалари сифати ва муомаласи назорати бўйича давлат илмий марказига айлантирди.
Бундан ташқари, фармонга мувофиқ, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат ветеринария хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастур ветеринария қонунчилигини такомиллаштириш ва унга амал қилиниши устидан назорат ўрнатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, Давлат ветеринария хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ветеринария соҳасида қўлланиладиган асбоб-ускуналар ва ветеринария дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва янгиларини жорий этишга қаратилган.