Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Астанадаги саммитида иштирок этади
Тошкент. 6 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8-9 июн кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг Астана шаҳрида ўтадиган навбатдаги мажлисида иштирок этади. Бу ҳақида давлат раҳбарининг расмий веб-сайтида хабар берилган.
“ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилотнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама этиши, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб муаммолари юзасидан фикр алмашиши, 2017-2018 йилларда ташкилотга раислик қиладиган давлат масаласини кўриб чиқиши кутилмоқда”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ШҲТнинг Тошкент саммити қарорларини амалга ошириш доирасида Астана шаҳрида Ҳиндистон ва Покистонни ташкилот аъзолигига қабул қилиш жараёни ниҳоясига етказилади.
Шунингдек, Ш.Мирзиёев Қозоғистон пойтахтида EXPO-2017 ихтисослаштирилган халқаро кўргазманинг расмий очилиш маросимида ҳам иштирок этади, қатор хорижий делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
ШҲТ – 2001 йилда Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон етакчилари томонидан ташкил этилган халқаро ташкилот. 2016 йил июнда ташкилотнинг Ўзбекистонда бўлиб ўтган саммитида унга Ҳиндистон ва Покистоннинг киришига доир меморандум имзоланган эди.
Ҳозирда Афғонистон, Белоруссия, Эрон ва Мўғилистон ШҲТда кузатувчи мамлакатлар мақомига, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка ҳамкор мамлакатлар мақомига эга.