Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда қатор объектларни кўздан кечирди

Дата: 10:37, 18-10-2019.

Тошкент. 18 октябрь. ЎзТАГ – 17 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятининг Денов туманида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қошидаги ҳарбий қисми, "Смарт Кидс" нодавлат болалар боғчаси, Жарқўрғон туманида $144 млнлик "Сурхонцементинвест" цемент заводига ташриф буюрди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, биринчи объектга ташриф чоғида президент ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, янги бўлинмалар, аскар ва офицерларни ўқитиш жараёни билан танишди, ҳарбий техника ва қурол-яроғлар намуналарини кўздан кечирди.

"Президент аскарлар ва офицерларнинг жанговар тайёргарлигини янада ошириш, яшаш ва дам олиш шароитларини яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади, бунинг учун жойлардаги ҳарбий қўмондонлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг фаолиятини янада яхшилаш керак", – дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳарбий қурилиш тизимини такомиллаштириш, ҳарбий хизматчилар маънавиятини юксалтириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Давлат раҳбари "Смарт Кидс" болалар боғчасига ташрифи чоғида яратилган шароитлар билан танишди, тарбиячилар билан суҳбатлашди, болалар боғчаси тарбияланувчиларига совғалар топширди, болаларнинг гармоник равишда ҳар тарафлама ривожланишига эътибор қаратиш, шунингдек, болалар боғчасини қурган тадбиркорнинг эзгу ишини кенг ёритиш зарурлигини таъкидлади.

Шу ернинг ўзида мобил ва модулли болалар боғчалари тақдимоти бўлиб ўтди, улар учун махсус тураргоҳлар – 2 сотихли ўйин майдончалари қурилади. Денгиз контейнерларидан йиғилган модулли болалар боғчалари 90 болага хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

"Мутасаддиларга мактабгача таълим тизимига янги лойиҳаларни кенг жорий этиш, шунингдек, келгуси йилда болалар боғчаларини мамлакатда 50% га етказиш бўйича кўрсатмалар берилди", - дейилади хабарда.

Президент цемент заводига ташрифи давомида корхона фаолияти билан танишди. Шу ерда вилоятда саноат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш бўйича лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.

"Вилоятнинг ҳар бир туманида 9-12 қаватли уйлар қуриш, Денов тумани иқтисодиётини ривожлантириш ва унда эркин иқтисодий зона ташкил этиш, Сурхондарёнинг экспорт салоҳияти ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди", - деб хулосаланади хабар.


Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: