Ташқи ишлар вазирлигида Қирғизистон элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент. 15 июл. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Қирғизистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Эмилбек Узакбаев билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ТИВ хабар беришларича, суҳбатда томонлар ўзбек-қирғиз муносабатларининг амалий масалалари юзасидан фикр алмашишди ҳамда икки томонлама ва кўп томонлама шакллардаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамизки, 2014 йил якунлари бўйича иккитомонлама товар айланмаси ҳажми $101,7 млнни ташкил қилди. Ўзбек-қирғиз муносабатлари ҳозирда барқарор ривожланиб, тенгҳуқуқлилик ва бир-бирларининг манфаатларини ҳурмат қилиш принциплари асосида эришилган иккитомонлама келишувлар базасида давом этмоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳурмат ва барқарорликнинг сақлаб қолиш, ўзаро манфаатли истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳар икки мамлакат халқлари манфаатларига мос келади.
1991 йилдан бери ўтган вақт ичида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Қирғизистонга 2 марта (1994 йил 16 январ ва 2000 йил 26-27 сентябрда), Қирғизистон президенти Ўзбекистонга 4 бора (1992 йил сентябр, 1996 йил декабр, 1998 йил ноябр ва 2006 йил октябрда) ташриф буюрган.