Ташқи савдо вазирлиги ўзбек экспортчиларига муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериш мақсадида сўров ўтказмоқда

Дата: 16:57, 26-10-2018.

Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ – Ташқи савдо вазирлиги ўзбек экспортчиларига муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериш мақсадида сўров ўтказмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТСВдан маълум қилишларича, сўров экспорт билан шуғулланувчи ва ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга экспорт қилишни бошлашни режалаштираётган тадбиркорлар ва корхоналар орасида ўтказилмоқда.

Сўровномадан кўзланган мақсад – маҳаллий экспортёр корхоналарга методологик ва амалий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштиришдан иборат.

Сўровнома ёрдамида экспорт учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари ва экспортни амалга ошириш давомидаги қийинчиликлар, муаммолар ҳақида маълумотлар йиғилади.

Шунингдек, сўровнома иштирокчилари улар экспортни йўлга қўймоқчи бўлган мамлакатлар номлари ҳамда экспорт географияси ва ҳажмини кенгайтириш учун уларга қандай маълумотлар керак эканлигини таклиф сифатида киритиш имконияти мавжуд.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан экспортёрлар учун ахборот кўмагини яхшилаш бўйича таклифлар қабул қилинади.

Сўровномада 15-ноябрга қадар вазирликнинг расмий сайти – www.mft.uz сайтидаги “Маркетинг” бўлимидаги ҳавола орқали иштирок этиш мумкин.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: