“Тошкент” РФБ ҳафталик айланмаси 838 млн сўмни ташкил қилди

Дата: 17:33, 20-05-2015.

Тошкент. 20 мая. ЎзТАГ – 11-15 май оралиғида “Тошкент” Республика фонд биржасининг (РФБ) ҳафталик айланмаси 838 млн сўмни ташкил қилди. Бу эса бундан олдинги ҳафтадаги кўрсаткичга қараганда (433 млн сўм) 2 бараварга кўп, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Биржадан хабар қилишларича, 8 акционерлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 84 олди-сотди битими амалга оширилган. Натижада 743 минг дона акция сотилган.

Биржа айланмасида иккиламчи бозордаги битимлар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Уларнинг биржа айланмасидаги ялпи улуши 76% (637 млн сўм), бирламчи бозор улуши эса 24% (201 млн сўм) ташкил қилди.

Битимларнинг аксарияти молия хизматлари корхоналари акциялари билан савдо ҳисобига тўғри келмоқда. Хусусан, биржа айланмасининг 98% ёки 823 млн сўми биржа листинги “А” тоифасига кирувчи тижорат банклари қимматли қоғозлари ҳиссасига тўғри келди.

Эслатиб ўтамизки, йил бошидан бери биржада қимматли қоғозлар олди-сотдисига оид 1,043 минг битим тузилиб, уларнинг ҳажми 74 млрд 812,3 млн сўмни ташкил этди. Бу эса ўтган йилнинг муқобил давридаги кўрсаткичга қараганда (25,767 млрд сўм) 3 бараварга ошиқ. Кўрсатилган муддатда 133 млн дона қимматли қоғозлар сотилди (2014 йил биринчи чоракда 46 млн дона).

$1 = 2527,58 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: