“Тошкент” РФБда янги рекорд ўрнатилди

Дата: 17:29, 08-11-2018.

Тошкент. 8 ноябр. ЎзТАГ – 29 октябр – 2 ноябр кунлари “Тошкент” Республика фонд биржаси савдоларида навбатдаги рекорд натижа қайд этилиб, 160,4 млн дона акциялар 101,3 млрд сўмга сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Жами 21 та акциядорлик жамиятининг акциялари билан 238 та битим қайд қилинди.

Кўриб чиқилаётган даврда тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан фаол савдо қилинди (ҳафталик савдо айланмасининг 99,6% ёки 101,0 млрд сўм). Хусусан, ҳафта давомида “Hamkorbank” АТБнинг 74,6 млн дона оддий акцияси билан 70,9 млрд сўм (ҳафталик савдо айланмасининг 70,0%) миқдорида 2 та савдо битими тузилди.

Шунингдек, биржа савдолари орқали “Turkiston” ХАТБнинг 17 млн дона акцияси билан 17 млрд сўмлик (16,8%) 3 та битим тузилиб, бир дона акциянинг сотув нархи номинал қийматига мос равишда 1000 сўмни ташкил қилди.

Бундан ташқари, ҳафта давомида савдо айланмасининг юқорилиги бўйича учинчи ўриндан “Universal bank” ХАТБ жой олди. Ўтган ҳафтада мазкур банкнинг 2,5 млн дона оддий акциялари билан 12,7 млрд сўмлик 11 та битим тузилди (12,6%). Бир дона акциянинг сотув нархи 5000 сўмдан иборат бўлди.

Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада “Kvarts” AЖ эгаллаган ҳолда, унинг 1556 дона акцияси билан 8 млн сўмлик 88 та битим амалга оширилди. Ундан кейинги ўринларни эса “O'zsanoatqurilishbank” АТБ (308,3 млн сўмлик 38 та битим) ва “Andijon tajriba-sinov zavodi” АЖ (14,6 млн сўмлик 33 та битим) эгаллади.

Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 20,3 млрд сўмни, ўртача битим қиймати эса 425,8 млн сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 631,9 сўмдан иборат бўлди, ўртача сотилган қимматли қоғозларнинг ўртача сони 32 млн донани ташкил этди.

 

Сурат манбаи: gazeta.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: