Тошкентда 1 сентябрга хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда

Дата: 10:48, 13-08-2014.

Тошкент. 13 август. ЎзТАГ – Тошкентда Мустақиллик куни (1 сентябр) арафасида тингчлик ва барқарорликни таъминлашга йўналтирилган чоралар кўрилмоқда, деб хабар қилади ЎзА Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вазифасини бажарувчи, майор Ўктам Раҳматовга асосланган ҳолда.

“Бунда ҳокимликлар ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётир”, - деб таъкидлади у.

“Пойтахтимизнинг ҳар бир гўшаси, айниқса, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар соҳа ходимларининг алоҳида эътиборида. Хавфсизликни таъминлашга қаратилган зарур чора-тадбирлар уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда. Унда ички ишлар ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, кўча ва уй бошилари, маҳалла посбонлари, жамоат ташкилотлари вакиллари фаол иштирок этмоқда. Тадбир давомида аниқланаётган камчиликлар, ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида бартараф этилаётир”, - деб айтиб ўтди Ўктам Раҳматов.

ШИИБ раҳбарияти вакилининг сўзларига кўра, пойтахтда паспорт режими қоидаларига амал қилинишини таъминлаш бўйича рейдлар ўтказилиб, қонунбузарликка йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилаётир.

Аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳам осойишталикнинг муҳим омилларидан. Тегишли идоралар билан ҳамкорликда 11 мингга яқин хонадон, мингдан зиёд кўпқаватли уй, кўплаб ташкилот ва корхоналарда текширишлар ўтказилди. Натижада ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган 121 нафар мансабдор шахс ва фуқарога тегишли равишда жарима қўлланилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди, деб хабар қилди Ўктам Раҳматов.

“Тошкент шаҳри йўл-патруль хизмати масканларида автотранспорт воситалари қатъий текширувдан ўтказилмоқда. Ички ишлар идоралари томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган бундай кенг кўламли чора-тадбирлар самарасида мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби пойтахтимизда ҳам аҳоли тинчлиги ва хавфсизлиги таъминланмоқда”, - деб таъкидлаб ўтди у.

“Маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида огоҳликка чорловчи тадбирлар, “Ўз уйингни ўзинг асра” мавзусида учрашув ва суҳбатлар ташкил этилаётир”, - деб қўшимча қилди Ў. Раҳматов.

“Ҳамюртларимизнинг ҳушёрлиги ва огоҳлиги, тинчликни сақлаш нафақат мутасадди идоралар ходимлари, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини яхши англаётгани осойишталикнинг муҳим омили бўлмоқда”, деб иқтибос келтиради ЎзА ШИИБ бошлиғи ўринбосари сўзларидан.

Янгилик билан ўртоқлашиш: