Тошкентда Марказий Осиё регби марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда

Дата: 15:14, 08-05-2018.

Тошкент. 8 май. ЎзТАГ – Тошкентда Марказий Осиё регби марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ЎзР МОҚга таянган ҳолда.

Ушбу марказни ташкил қилиш ғояси Осиё регби иттифоқи раҳбари Ага Ҳусайн Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташрифи чоғида илгари сурилди. Қўмита маълумотига кўра, меҳмонни Қўмита Бош котиби Жасур Матчанов кутиб олди.

Учрашувда регби спорт турининг Ўзбекистондаги тараққиёти, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, федерация учун база, ташкилий ва бошқа масалалар ҳусусида сўз боргани таъкидлаб ўтилган.

“Қабул учун миннатдорчилик билдираман. Ўзбекистон регби ривожланаётган мамлакатлар қаторига киради. Ишонаманки, яқин йиллар ичида юртингизда регби спорт тури янада оммавийлашади”, – деб иқтибос келтиради қўмита Ага Ҳусайндан.

Ўз навбатида, Жасур Матчанов эса бошқа жамоавий спорт турлари қаторида регбини ҳам ривожлантириш учун алоҳида дастур ишлаб чиқилаётгани ҳақида маълум қилди.

“Регби турли минтақаларда ривожланмоқда. Тан оламиз, бизда база билан боғлиқ муаммо бор. Аммо, янги циклдан бошлаб бу борадаги муаммолар бартараф этилади. Мамлакатимизда жамоавий спорт турларини ривожлантириш учун алоҳида дастурлар ишлаб чиқилмоқда, шу жумладан регби учун ҳам. Бу борада режаларимиз катта. Биз Ўзбекистон регби федерацияси билан биргаликда спортнинг ушбу турини оммавийлаштирамиз. Регби учун футбол стадионларини ажратишни режалаштириб қўйганмиз”, - деди Ж. Матчанов.

Учрашув якунида Жасур Матчанов анъанага кўра мартабали меҳмонга Миллий олимпия қўмитаси номидан эсдалик совғаларини тақдим этди.

Сурат манбаи: http://olympic.uz/ru/4858#post/0

Янгилик билан ўртоқлашиш: