Тошкентда Мирзиёев раислигида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди

Дата: 13:06, 30-05-2017.

Тошкент. 30 май. ЎзТАГ – Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Хитой мамлакатларига ташрифлари давомида ҳамда Туркия раҳбари билан ўтказилган олий даражадаги учрашувлари якунлари бўйича имзоланган битимларни амалга ошириш жараёнининг ҳолатини таҳлил қилиш ва баҳолашга бағишланган навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ш.Мирзиёев олиб борган йиғилишда бош вазир, унинг ўринбосарлари, тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари иштирок этдилар.

“Барча зарур ҳужжатлар қабул қилингани, янги тузилмалар ташкил этилгани, экспортчи ва сармоядорлар учун ҳар томонлама қулайлик ва имтиёзлар берилгани, бир сўз билан айтганда, мамлакатимиздаги халқаро иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик субъектларининг самарали ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратилганига қарамасдан, ҳозирча аниқ натижалар кўзга ташланмаяпти, ижро муддатлари ортга сурилмоқда”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.

У бу масалада камчилик ва қолоқликка йўл қўяётган ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятига танқидий нуқтаи назардан баҳо берди. Хусусан, Туркманистонга ташриф асносида қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, автомобиллар, қурилиш материаллари, маиший техника ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш бўйича умумий қиймати $151 млнга тенг ҳужжатлар имзоланган эди. Ўтган уч ой давомида экспорт ҳажми $12 млнни ташкил этди. Бу умумий келишилган миқдорнинг 8%, холос.

Қозоғистон, Россия ва Хитойга ташрифлар ҳамда Туркия раҳбари билан ўтказилган музокараларда ҳам бир неча миллиард долларлик йирик келишувларга эришилди. Лекин уларнинг ижросига оид натижалар кутилганидек эмас.

Мирзиёев йиғилишда ҳисобот берган мутасадди раҳбарлар ўз масъулиятини кескин ошириши зарурлигини, бажарилмаётган ва кечикаётган лойиҳа ва шартномалар учун улар шахсан жавобгар эканини алоҳида таъкидлади. Ҳар бир лойиҳанинг бажарилиши бўйича биринчи галдаги чора-тадбирларни аниқ-равшан белгилаш, молиялаштириш ва ижро жараёнлари бўйича замонавий ва тизимли асосда мониторинг олиб бориш юзасидан топшириқлар берилди.

“Давлатимиз раҳбари фақат қоғозда акс этадиган, амалда ҳеч қандай фойда бермайдиган лойиҳалар тузишдек эскича амалиётдан бутунлай воз кечиш, бундай одат ва кайфият билан ишлашга мутлақо чек қўйиш лозимлигига алоҳида урғу берди. Эришилган барча келишувларнинг молиявий манбалари, ижро механизмлари, логистикаси, масъул идоралар ва шахслар ҳамда бошқа масалалар тўлиқ ҳал қилинган бўлиши, иш пухта ва қатъий амалга оширилиши керак”, - дея таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Президент тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига чет давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқалар ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш борасида мақсадли инвестицион стратегия ҳамда қабул қилинган келишувлар ижросини таъминлаш бўйича Низом ишлаб чиқиш вазифасини топширди.

Ушбу тизимни такомиллаштириш мақсадида масъул ижрочиларнинг ҳар ҳафтада бир марта Вазирлар Маҳкамасида ва ҳар ойда бир марта Президент ҳузурида хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган жорий ва ишлаб чиқилиши кўзда тутилаётган янги инвестицион лойиҳалар юзасидан ҳисобот бериш тартиби ўрнатилади.

Лойиҳаларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши, мутасаддиларнинг ижро интизоми, масъул шахсларнинг мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишини назорат қилиш Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратура зиммасига юкланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: