Тошкентда ШҲТ йўлларини ривожлантириш лойиҳаси дастури муҳокама қилинди

Дата: 10:00, 13-04-2018.

Тошкент. 13 апрел. ЎзТАГ – 11-12 апрелда Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича махсус ишчи гуруҳининг10-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги маълумотларига кўра, тадбир доирасида ШҲТга аъзо давлатлар вакиллари билан транспорт тизимларини ривожлантириш истиқболлари, трансчегаравий транспорт тартиб-қоидаларини янада уйғунлаштириш ва соддалаштириш кабилар муҳокама қилинди.

Хусусан, учрашув иштирокчилари ШҲТ Йўлларини ривожлантириш дастури лойиҳасини батафсил муҳокама қилдилар. Бу дастур халқаро ташувлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш тўғрисидаги Битимнинг мантиқий давоми бўлиб, ШҲТга аъзо давлатларнинг транспорт бозорида рақобатбардошлигини оширишга қаратилган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ушбу дастур ШҲТнинг янги аъзолари - Ҳиндистон ва Покистоннинг иштирокини назарда тутади.

Учрашув давомида Ўзбекистон томони “Транспортни ташувларини бошқаришнинг интеграциялашган тизими”ни яратиш бўйича Концепция ва Келишув лойиҳаларини тақдим этди. Ушбу ҳужжатлар ШҲТга аъзо давлатлар транспорт салоҳиятини янада ривожлантиришга ҳисса қўшиши ва нафақат ШҲТ мамлакатлари, балки унинг ташқарисида ҳам савдо-иқтисодий ҳамкорликка кўмаклашиши кутилмоқда.

Шунингдек, 2018 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатлар вакиллари учун ташкил этиладиган “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар” халқаро конференциясининг концепцияси муҳокама қилинди.

Сурат манбаи: https://ria.ru/spravka/20130913/962390979.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: