Тошкентда ШҲТнинг экстремизмга қарши туриш бўйича конвенцияси маъқулланди

Дата: 11:24, 31-03-2017.

Тошкент. 31 март. ЎзТАГ – Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг (ШҲТ МАТК) 30-навбатдаги мажлисида ШҲТнинг экстремизмга қарши туриш бўйича конвенцияси лойиҳаси маъқулланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

 “Тадбирда Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси ва ШҲТ МАТК Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этдилар. Мажлис Хитой Халқ Республикаси раислигида бўлиб ўтди”, - дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида жойлаштирилган матбуот релизида.

Шунингдек, йиғилиш якунлари бўйича ШҲТ МАТКнинг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашига тақдим этиладиган 2016 йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот қабул қилинди, МАТКнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши ШҲТ мамлакатларининг 2016-2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурининг жорий йилдаги ижроси ҳамда МАТКнинг олдинги қарорлари ижроси кўриб чиқилди.

Ташкилот тегишли органларининг Тожикистон Республикаси ҳудудида бўлиб ўтган “Ҳамкорлик-2016” аксилтеррор қўшма ўқувлари якунларига юқори баҳо берилди.

Кенгаш шунингдек ташкилий-кадр, ШҲТ МАТК Ижроия қўмитаси фаолиятини таъминлаш ва ШҲТ аъзо давлатларининг терроризм, сепаратизм ва экстремизм билан ҳамкорлиги ҳуқуқий асосини янада ташкил этиш ҳақидаги масалалар бўйича қатор қарорларни қабул қилди.

“2017 йилда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг терроризмга қарши биргаликдаги ўқув машқлари ва чегара операциялари, ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар делегациялари иштирокида халқаро терроризм ҳамда экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига бағишланган бешинчи илмий-амалий конференцияни ўтказиш бўйича қарорлар қабул қилинди”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг экстремистик йўналишдаги диний оқимларнинг бузғунчи фаолияти оқибатида юзага келадиган таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирлар маъқулланди.

“ШҲТ МАТК Ижроия қўмитасининг ўтган даврдаги фаолияти ижобий баҳоланди. ШҲТ МАТК Ижроия қўмитаси фаолиятини ташкилий ва кадрлар билан, молиявий таъминлаш, терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасида ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга доир масалалар юзасидан қатор қарорлар қабул қилинди”, - деб таъкидланади матбуот релизида.

Шу билан бирга, ШҲТ МАТК фаолиятини ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун мазкур давлатлар ваколатли органларининг қатор ходимлари ва ШҲТ МАТК Ижроия қўмитасининг мансабдор шахслари рағбатлантирилди.

ШҲТ МАТК Кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2017 йилнинг сентябрида Хитой ҳудудида ўтказиш ҳақида келишувга эришилди.

Хулоса ўрнида айтилишича, Кенгаш мажлиси ишчанлик ва амалий руҳда ўтган.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: