Тошкентда Ўзбекистон ва Япония олий ўқув юртлари ректорларининг саммити бошланади

Дата: 11:31, 08-07-2019.

Тошкент. 8 июль. ЎзТАГ – Бугун Тошкентда Ўзбекистон ва Япония олий ўқув юртлари ректорлари саммити бошланади, деб маълум қилди бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Тошкентда 8 июль куни Ўзбекистон ва Япония олий ўқув юртлари ректорлари саммити бўлиб ўтади. Бўлажак тадбирда Япониянинг 20 та олий таълим муассасаси вакиллари 50 нафардан ортиқ делегация таркибида иштирок этиши кутилмоқда. Ўзбекистон томонидан тадбирда 37 та олий таълим муассасаси ректорлари иштирок этади", - деб ёзади у ўзининг Facebook саҳифасида.

Япония делегациясига таълим, спорт, илм-фан ва технология вазирининг ўринбосари Хироюки Накамура бошчилик қилади.

Томонлар техник ва муҳандислик йўналишлари ва гуманитар фанлар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболларини муҳокама қиладилар. Шунингдек, икки мамлакатнинг олий таълим муассасалари ўртасида бир қатор битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Япония делегацияси учун саммит доирасида Самарқандга сафар ташкил этилади, унда қадимий шаҳарнинг меъморий-тарихий обидалари билан танишиш билан бир қаторда Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари билан ҳам учрашув бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Япония олий ўқув юртлари ректорларининг биринчи конференцияси 2010 йили Токиода, иккинчиси 2015 йили Тошкентда бўлиб ўтган.

 

Сурат манбаи: makan.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: