Тошкентга махсус туристик автобуслар олиб келинди

Дата: 15:25, 16-12-2014.

Тошкент. 16 декабр. ЎзТАГ – Тошкентга махсус туристик автобуслар олиб келинди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Газета.uz” маълумотига кўра, тез орада Тошкент икки қаватли экскурсион автобуслар ҳаракатланадиган жаҳон пойтахтлари қаторига киради. Датслабки туристик даблдекерлар келаси йил бошидан ҳаракатлана бошлаши режалаштирилган.

Душанба куни Хитойнинг Шанхай шаҳридан Тошкентга деярли 9 минг километр йўлни босиб, Higer русумидаги дастлабки иккита икки қаватли қирмизи рангли автобуслар етиб келди. Тегишли расмийлаштириш жараёнлари ўтказилиб, ташқи томондан безакланганидан кейин автобуслар шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига хизмат кўрсатишни бошлайди.

“Автобуслар шаҳарда туризмни ривожлантириш дастурида кўзда тутилган саккиз осори-атиқани қамраб олувчи махсус йўналиш бўйлаб ҳаракатланади”, – деди автобусларни сотиб олган “Aznur Travel” сайёҳлик компанияси бош директори Улуғбек Нурматов “Газета.uz”га берган интервьюсида.

Нурматовнинг сўзларига кўра, автобуслар Higer компанияси томонидан Тошкент учун миллий ўзига хосликлардан келиб чиқиб махсус тайёрланган. Агар Европада бундай автобусларнинг бўйи 4,3-4,4 метрга етиши мумкин бўлса, Ўзбекистон қонунчилигида автобусларнинг баландлиги 4 метрдан ошмаслиги керак.

“Бизнинг автобусларнинг ўзига хослиги шундаки, улар барча мавсумларда ишлайверади. Транспорт воситасининг иккинчи қаватида ёпиқ ҳудуд бўлиб, бу ер қишда иссиқ, ёзда салқин. Очиқ томон эса ёмғир ёки қорда ёпиладиган тентга эга”, - деди компания раҳбари.

“Aznur Travel” даблдекерлар сонини 15тага, автобус ҳаракатланадиган сайёҳлик йўналишлари сонини эса учтага етказишни режалаштирган. Навбатдаги автобуслар 2015 йилнинг март-апрель ойларида етиб келиши кутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: