Twitter бош директори Дик Костоло 5 йилдан кейин ўз лавозимини тарк этмоқда

Дата: 16:13, 12-06-2015.

Тошкент. 12 июн. ЎзТАГ – Twitter бош директори Дик Костоло 5 йилдан кейин ўз лавозимини тарк этмоқда, дейилади компания хабарида.

1 июлдан бошлаб унинг вазифасини ижтимоий тармоқ ҳамтаъсисчиси Жек Дорси эгаллайди.

Микроблоглар тармоғи янги раҳбарини топиш учун директорлар кенгаши томонидан махсус қўмита тузилганлиги айтилмоқда.

Кутилганига қарши ўлароқ апрелда компания Уолл-стритда фойдага чиқмади ва аксинча, $162 млн соф зарар кўрди.

eMarketer тадқиқот ширкати прогнозларига кўра, 2015 йилда Twitter фойдаланувчилари сони атига 14,1% ўсади. Холбуки икки йил олдин ушбу кўрсаткич 30% тенг эди.

Костоло лавозимини тарк этиши ҳақидаги хабардан кейин компания акциялари баҳоси 7% ўсди.

Айни пайтда Дик Костоло компания директорлар кенгашида қолади.

Маълумот ўрнида, Twitter Inc. компанияси 2006 йилда ташкил этилган. Унинг бош идораси Сан-Францискода. Ширкатнинг асосий маҳсулоти қисқа хабарлар билан алмашиниш бўйича ижтимоий тармоқдан иборат.

Янгилик билан ўртоқлашиш: