Япон консорциуми Ўзбекистонга рақамли телевидениега ўтиш учун $63 млн ажратди

Дата: 17:59, 25-05-2015.

Тошкент. 25 май. ЎзТАГ – Япон халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) ва Sumitomo Mitsui Banking Corpдан иборат консорциум Ўзбекистон Ташқи иқтисодий миллий банки билан республикада рақамли телевидениега босқичма-босқич ўтиш лойиҳаси бўйича 7,4 млрд йеналик ($63 млн атрофида) кредит келишуви имзолади. Бу ҳақида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг душанба куни эълон қилинган қароридан маълум бўлди.

12 йилга имзоланган келишув 2 йиллик 2,94% имтиёзли даврни ҳам кўзда тутади. Кредит маблағлари шартнома доирасида зарур ускуналарни сотиб олишга сарфланади. Қиймати $73,6 млнлик шартнома 2016 йил охирига қадар рақамли телеузатувлар учун ускуналар етказиб беришни кўзда тутади. Япон кредитидан ташқари лойиҳа ўзбек банкларининг $11 млнлик маблағлари ҳисобига ҳам амалга оширилади.

Олдин хабар қилингани каби, ўзбек ҳукумати 2017 йил охирига қадар республикани 100% рақамли телеузатувлар билан қамраб олишни режалаштирган. Хусусан, лойиҳанинг 1-босқичида (2014-2016 йй) барча вилоят марказларида рақамли телеузатувлар қамровини 2013 йилдаги 43%дан 75%га етказиш режалаштирилган. Иккинчи босқичда (2016-2017 йй) бориш қийин бўлган туманларда 300 телеузаткичлар ўрнатиш кўзда тутилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати $92 млн.

Янгилик билан ўртоқлашиш: