Ёқилғи шахобчаларида нархларнинг оширилиши учун асослар йўқ – Ўзбекистон Молия вазирлиги

Дата: 12:29, 22-11-2018.

Тошкент. 22 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Молия вазирлиги автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари томонидан реализация қилинаётган табиий газ нархининг ошиши учун асослар йўқлигини кўрсатиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қайд этилишича, автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари томонидан реализация қилинаётган табиий газ нархларининг таҳлили 2018 йил 16 ноябридан улар сотаётган табиий газ 300-400 сўмга қимматлашганини кўрсатди (1,7-1,8 минг сўмдан 2 минг-2,2 минг сўмгача).

“Молия вазирлиги автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари орқали реализация қилинаётган табиий газ нархини оширишга асос йўқлигини қайта маълум қилади”, - деб таъкилайди вазирлик.

Хабарда келтирилишича, 16 ноябрга қадар газ қуйиш шохобчаларига етказиб берилаётган 1 кубометр табиий газнинг нархи 789 сўм 74 тийинни (бунинг 289,74 тийини табиий газнинг улгуржи сотиш нархи, 500 сўми махсус инвестиция устама ҳақи) ташкил этган.

16 ноябрдан бошлаб 1 кубометр табиий газ нархи 800 сўм этиб (ҚҚС ҳисобга олган ҳолда) белгиланган, куб метрига 500 сўм миқдоридаги махсус инвестиция устама ҳақи бекор қилинган ва ушбу нархга қўшилган.

“Молия вазирлиги газ қуйиш шохобчалари томонидан нархнинг 17 фоизга оширилишини асоссиз, деб билади ва нархлар 15 ноябргача бўлган ҳолатга қайтмаса, тегишли санкцияларни қўллашга мажбур бўлади. Транспорт воситалари учун бензин, дизель ёнилғиси ва газ истеъмоли учун солиқ ставкасини кўпайтириш орқали ноқонуний йўл билан олинаётган даромадларни олиб қўйиш таклифи билан чиқиши ёки бошқа фискал чораларни кўриш шулар жумласидандир”, - деб таъкидланади хабарда.

Ҳозирги пайтда Давлат рақобат қўмитаси, “Ўздавнефтгазинспекция” ва давлат солиқ хизмати органларига қонунчиликда белгиланган тартибда ноҳалол рақобат фактларини аниқлаш мақсадида автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидаги нархлар устидан қатъий назорат ўрнатиш бўйича топшириқ берилган.

Сурат манбаи: https://gubdaily.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: