Йил бошидан бери Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айланмаси $4,4 млрддан ошди

Дата: 16:32, 29-10-2018.

Тошкент. 29 октябр. ЎзТАГ – Йил бошидан бери Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айланмаси $4,4 млрддан ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Савдо саноат палатаси (ССП) Хубей вилояти ишбилармон доиралари делегацияси билан учрашувда очиқланди. Делегацияга Хубей вилояти тижорат бўйича бўлими директори ўринбосари Юань Яцзе раҳбарлик қилди.

“2018 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси $4,4 млрддан ошди ва бу кўрсаткич йилдан йилга ўсиб бормоқда”, - дейилади Ўзбекистон ССП матбуот хизматининг хабарида.

Таъкидланишича, В2В шаклидаги учрашувда Хитой томонидан автомобиль йўллари, темир йўл линиялари, кўприклар ва кўп қаватли саноат мажмуи биноларини қурилишига ихтисослашган қурилиш соҳаси ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбирдан кўзланган мақсад – Хитой ишбилармон доираларини Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳияти ва бу ерда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар билан таништириш, уларни мамлакатнинг турли минтақаларидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб этиш, қурилиш-монтаж ишлари ва инфратузилма объектлари қуришга ихтисослашган ўзбек корхоналари билан бизнес алоқаларни йўлга қўйиш учун шароитлар яратишдир.

Шунингдек, бизнес-учрашув якунлари бўйича Хубей вилояти (Хитой) Савдо-саноат Департаменти ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Сурат манбаи: https://neftegaz.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: