Йил бошидан буён Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси ҳажми икки баробарга ўсди

Дата: 15:27, 20-11-2018.

Тошкент. 20 ноябр. ЎзТАГ – 2018 йил бошидан буён Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси ҳажми икки баробарга ўсди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябр куни конгрессмен Трент Келли бошчилигидаги АҚШ Конгресси делегациясини қабул қилди. Меҳмонлар орасида яна АҚШ Вакиллар палатаси аъзолари Висенте Гонсалес, Рональд Эстес, Рожер Маршалл ва Женнифер Гонсалес Колонлар ҳам ҳозир бўлдилар.

Савдо-иқтисодий соҳада биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ўзаро савдо ҳажмини ошириш, Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилишга АҚШнинг етакчи компаниялари тўғридан-тўғри инвестициялари ва технологияларини жалб этиш борасида аниқ йўналтирилган ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

“Фақат жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ортди, мамлакатимизда АҚШ капитали иштирокида 25 дан зиёд янги корхона ташкил этилди”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Шундан кейин қайд этилишича, октябр ойида Ўзбекистонда АҚШ савдо вазири Уилбур Росс бошчилигидаги нуфузли делегация иштирокида биринчи марта Америка бизнеси ҳафталиги ўтказилди.

2018 йил май ойида Вашингтонда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб бергани таъкидланди.

Шунингдек, турли йўналишлар бўйича икки томонлама алоқалар фаоллашди, конструктив сиёсий мулоқот йўлга қўйилди, парламентлараро алмашинувлар, шунингдек, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик кенгаймоқда.

Ш. Мирзиёев АҚШ Вакиллар палатасида конгрессменлар Т. Келли ва В. Гонсалес раҳбарлигида “Ўзбекистон бўйича кокус” ташкил этилганини мамнуният билан қайд этди. Ушбу механизм муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва аниқ иқтисодий лойиҳаларни илгари суришда самарали омил бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Учрашувда икки томонлама муносабатларга доир, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратиш ҳамда бу борадаги қўшма лойиҳаларни, аввало, ҳудудлараро даражада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

“Икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтиришга фаол кўмаклашишга тайёрлик таъкидланди”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: