Йил давомида Ўзбекистон чет элликларга 60 мингга яқин электрон визалар берди

Дата: 17:28, 19-07-2019.

Тошкент. 19 июль. ЎзТАГ - Йил давомида Ўзбекистон чет элликларга 60 мингга яқин электрон визалар берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"2018 йилнинг июль ойидан 18 июлга қадар чет эл фуқароларидан Ўзбекистонга электрон кириш визалари олиш учун 60 мингга яқин ариза келиб тушди, шундан деярли барча сўровлар ижобий натижаларга эришди (58761 та аризага кўра электрон визалар берилди)", - дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, электрон кириш визасини расмийлаштириш бўйича энг кўп сўровлар Хитой (22785), Ҳиндистон (12372) ва АҚШ (8682) фуқароларидан келиб тушган.

Шунингдек, президентнинг қарорлари билан электрон кириш визаларини бериш тартиби такомиллаштирилди. Хусусан, 2019 йил 28 майдан бошлаб визалар Ўзбекистон ҳудудида қолиш муддати билан берилади ва берилган кундан бошлаб 90 кун ва кириш кунидан бошлаб 30 кун давомида амал қилади. Шу билан бирга, 2019 йил 15 мартдан бошлаб икки карра (2019 йил 15 июль ҳолатига кўра икки карра электрон визалар сони 1317) ва бир неча (1182) турдаги электрон кириш визаларини бериш тизими жорий этилди.

Шунингдек, ҳозирги вақтда чет эл фуқароларини республикага киритиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида электрон кириш визаларини олиш тартибини оптималлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги "Чет эл фуқароларини Ўзбекистон Республикасига киритиш тартибини оптималлаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3836-сонли қарорига мувофиқ 2018 йил 15 июлдан бошлаб 96 мамлакат фуқаролари учун (2019 йил 1 февралгача 50 мамлакат бўлган) Ўзбекистонда E-visa электрон кириш визаларини бериш тизими жорий этилган.

Сурат манбаи: uzbektourism.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: